ИНТЕРНЕТ ТАПМОҚ – АЙЁР ҚАРМОҚ

Огоҳ бўлинг!

ИНТЕРНЕТ ТАПМОҚ – АЙЁР ҚАРМОҚ

 

Бугунги шиддат билан ўтиб бораётган тезкор давр ўзининг турли хил қиёфаси билан инсониятга қулайликлар ва имкониниятлар яратиб бериш баробарида, салбий таъсирини ҳам кўрсатмай қолмаяпти десак, асло муболаға бўлмайди.  Негаки, дақиқа сайин кашф этилаётган янги технология ва янгиликлар оғиримизни  енгил, узоғимизни эса яқин  қилаётгани бор гап. Аммо масаланинг яна бир муҳим  жиҳати шундаки, яратилаётган бу каби имконият ва имтиёзлар ҳамма вақт ҳам ўз самарасини бераётир деб бемалол айтолмаймиз.

Имконияти кенг. Бироқ ундан олинаётган маълумотлар-чи? Келинг, шу ўринда интернет тармоғини олиб  қарайлик. Афсуски, бугунда бу қурилмадан тарқалаётган барча маълумот ва хабарлар ҳамма вақт ҳам  тўғри чиқавермаслиги ҳеч кимга сир эмас. Бугун дунёни ўргимчак  тўри мисол кенг қамраб олаётган интернетнинг ижтимоий тармоқларидан узатилаётган турли миш-мишли хабар ва маълумотлар базасининг аксарияти ёлғон-яшиқ сўзлардан иборат эканлиги кўп бора исботланган. Уларнинг кўпчилиги қўпорувчилик, терроризм ва экстремизм каби жирканч иллатларнинг ёт ғоялари билан суғорилгани ҳам айни ҳақиқат эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

Ёвуз кимсалар ўз сайтларда турли хил бўлмағур даъватларни жойлаштириб, миллатни-миллатга қайрашга, улар ўртасида ўзаро низолар келтириб чиқариб, халқлар тинчлигини бузишга интилмоқда.  Статистик маълумотларга қараганда, уларнинг аксарияти ўз тарғиботларини интернет орқали амалга оширмоқда.  Бундан кўриниб турибдики, улар ҳар қандай қаллобликлардан, ёвузликлардан тап тортмайдиган манқуртлардир.  Бундай ғаламисларнинг қилмишиларни, иғволарини бутун дунё аҳли қораламоқда.  Минг афсуски, бугунги кунда кўпчилик йигит-қизларимиз интернет орқали келаётган ҳар қандай маълумотни, хабарни ҳақиқат деб қабул қилинаётганликлари жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.  Натижада уларнинг таълим-тарбиясига ҳам хавф солмоқда. Шундай экан, интернетдан фойдаланишда ундан олинган маълумотларга кўр-кўрона ишонмаслик ва зарарсиз эканлигини билмоғимиз лозим.

Бугунги глобаллашув жараёни ҳар биримиздан огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашликни тақозо этаётир. Теварак-атрофимизда рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларга теран кўз билан боқиб, онгли муносабатда бўлмоқлик эса ҳар қандай хавф-хатар ва кўнгилсизликларнинг олдини олиши шубҳасиз. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни турли бузғунчи ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни она Ватанга муҳаббат руҳида тарбия-лаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Маънавий комил инсон эса ҳеч қачон ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмайди.

Энг ачинарли жиҳати шундаки, бундай аҳволга бехосдан тушиб қолаётган ёшларимизнинг аксарияти хорижий давлатларга ишлаш учун бориб, ўзлари билиб-билмай жиноят оламига кириб қолмоқда.  Ёлғон ваъдалар, сохта даъватларга ишониб, бўлмағур ишларга қўл уришаётгани ҳам айни ҳақиқат. Шундай экан, фарзандларимизга тўғри таълим-тарбия бериш, уларни билимли ва заковатли қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-она учун катта масъулият юклайди. Зеро, бугунги ўсиб келаётган ёшларимиз эртанги кун давомчиларидир. Уларни ёт ғоялар таъсиридан ўз вақтида ҳимоялаш эса бугунги куннинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

                                                                                     Жавоҳир ХУШВАҚОВ ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси.