ҲАРАКАТ ХАВФСИЗЛИГИДА ХУШЁР БЎЛИШ – ҲУҚУҚИЙ, МОЛИЯВИЙ ХОТИРЖАМЛИК ГАРОВИ
ҲАРАКАТ ХАВФСИЗЛИГИДА ХУШЁР БЎЛИШ – ҲУҚУҚИЙ, МОЛИЯВИЙ ХОТИРЖАМЛИК ГАРОВИ
Халқимизда Йўл қоидаси – умр фойдаси, деган мақол бор. Бу мақол ҳайдовчи ва пиёдага тенг тааллуқли эканини исботлашга ортиқча зарурат йўқ. Токи, йўл ҳаракатига доир кўнгилсизликлар нафақат инсон саломатлигига доир оқибатларни, балки ҳуқуқий жавобгарликларни келтириб чиқариши ҳаммага кундай аёнки, бу жараёнларда ҳуқуқий маданиятдан бехабарлик фуқароларнинг ҳам ҳуқуқий, ҳам моддий жавобгарликка тортилишларига сабаб бўлади.
Худди шундай ҳолат юзасидан даъвогар А.И. жавобгари Э.Р.га нисбатан жиноят оқибатида етказилган моддий зарарларни ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгар Э.Р.нинг ҳисобидан унинг жиноий ҳаракатлари оқибатида етказилган моддий зарар учун 5.702.000 сўм ундиришни сўраган.
Судда аниқланишича, 2021 йил 25 сентябрь куни даъвогарнинг ўғлини жавобгар Матиз автомашинасида уриб кетиб тан жароҳати етказганлиги ҳолатлари юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми ва 117-моддасининг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
РСТЭИАМ Сурхондарё филиалининг 2021 йил 02 ноябрь кунидаги экспертиза хулосаларидан кўринишича, фуқаро А.А.нинг баданида, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши оғир даражаси, бош мия ўнг томонлама таламмус соҳасида гематомаси, бошини чап томонлама пешона тепа соҳаси эзилиб шилинган жароҳати, ўнг елка соҳаси шилиниш жароҳати, бош мия пешона сочли чап томони соҳаси ва ўнг томон соҳасида йулкасимон шилинмалари, каби тан жароҳати олгани ва оғирлиги бўйича “ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати” етказилган.
Мазкур жиноят иши юзасидан жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2022 йил 15 февраль кунидаги ҳукмига кўра даъвогар Э.Р. Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми ва 117-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга тегишли жазо тайинланган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 75-моддасига кўра, суд ҳаммага маълум деб топган ҳолатлар исботлашга муҳтож эмас. Жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлари тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилганлиги ёки содир этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилганлиги ёки этилмаганлиги масалалари юзасидан мажбурийдир.
Судда жавобгар Э.Р. даъвогарга суднинг ҳукмига кўра 6.500.000 сўм тўлаганлигини, уни тўлашга бошқа имконияти йўқлигини билдириб тушунтириш берган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддаси 1-қисмига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойдага зарар етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра, даъвогар А.Р. жавобгар Э.Р.нинг жиноий ҳаракатлари оқибатида олган тан жароҳати бўйича қилган харажатларидан жами 5.702.000 сўми ўз тасдиғини топганлигини инобатга олиб, суд даъвогар А.И.нинг моддий зарар ундириш ҳақидаги даъво талабини қисман қаноатлантириб, жавобгар Э.Р.нинг ҳисобидан даъвогар А.И.нинг фойдасига моддий зарар учун 5.702.000 сўм ундиришни лозим топди.
Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди раиси: Наралиев Бахтияр Худойбердиевич