СУДДА ФУҚАРОНИНГ УЙ-ЖОЙДАН ФОЙДАЛАНИШ БИЛАН БОҒЛИҚ НИЗОСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ.

СУДДА ФУҚАРОНИНГ УЙ-ЖОЙДАН ФОЙДАЛАНИШ БИЛАН БОҒЛИҚ НИЗОСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ.

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига даъвогар Б.Н даъво ариза билан мурожаат қилиб, даъво аризасида жавобгар Қ.Қ билан қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қуришганлигини, ўрталарида уч нафар фарзандлари бор эканлигини, турмуш ўртоғи ва уйидагилари хеч бир асоссиз фарзандлари билан бирга уйдан хайдаб чиқариб юборганлигини, ҳозирги кунда фарзандлари билан  онасининг уйида яшаб келаётганлиги учун суддан ўзини ва фарзандларини келин бўлиб борган уйга мажбурий тартибда киритиб қўйишни сўраган.

 Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси 1-қисмига кўра, Уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг, мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

Шу модданинг 2-қисмида, турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин - деб белгиланган.

Даъвогар низоли уйга кўчириб киритилган ва рўйхатга қўйилиши вақтида унинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш тартиби ва чиқиб кетиш шартларини ёзма равишда қайд этган ҳолда келишиб олмаган.

 Даъвогар  вояга етмаган фарзандлари билан низоли уйдан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси талабларига кўра, фойдаланишга ҳақли.

 Шу сабабли суд, Б.Н ва унинг вояга етмаган уч нафар фарзандлари билан М. тумани, “Б” маҳалласи, “О” кўчаси, 12-уйга мажбурий тартибда киритиб қўйиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, Б.Н.нинг ҳуқуқлари тикланди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди раиси: Зариф Хўжамуротов