САЙЛОВ ТИЗИМИ ВА САЙЛОВЛАР ЎТКАЗИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБИ

САЙЛОВ ТИЗИМИ ВА САЙЛОВЛАР ЎТКАЗИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБИ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаси эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилди. Сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро тамойилларига мос, фуқаролар хоҳиш-иродасини эркин билдириши кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган қонунчилик ривожланиб бормоқда.

Сайлов тизими - сайлов ўтказиш тартиблари ҳамда уларни ўрнатувчи ҳуқуқий нормалар мажмуидир.

Тизим турлари - мажоритар, пропорсионал ва аралаш.

Мажоритар тизим- вакиллик органларига сайловларда кўпчилик овозни аниқлаш тушунилади. Мажоритарнинг ўзи ҳам 3 турга бўлинади-мутлақ кўпчилик, нисбатан кўпчилик, малакали кўпчилик овоз олган турлари.(АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон мисолида). Бизда мутлақ кўпчилик овоз олган, яъни сайловчиларнинг кўпчилик овозини олиш тизими

Пропорсионал тизим-кўп мандатли жараёни (ёки сайловгача сайлов тизими дейилади). Бунда аввало номзод белгиланган депутатлик мандати тақсимотида қатнашиш учун овоз олиши керак бўлади. (Исроил, Венгрия, Дания мисолида)

Аралаш тизим-ҳам мажоритар ҳам пропорсионал тизим.(Германия, Болгария, Италия мисолида)

Юртимизда сайловларни ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ амалга оширилади.

Мазкур кодекс 2019 йил 18 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 2019 йил 28 февралда эса Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси жами 18 боб, 103 моддадан иборат.

Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари (бундан буён матнда маҳаллий Кенгашлар деб юритилади) депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди.

Мамлакатимизда сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади.

Сайловлар очиқ ва ошкора тарзда ўтказилади.

Шунингдек, сайлов ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 32-молддасига мувофиқ, ҳар бир фуқаронинг сиёсий ҳуқуқи ҳисобланади.

Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) сайлаш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

Мамлакатимизда Президент сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун бир юз элликта ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун қуйидаги сайлов округлари тузилади:

-халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун - олтмиштадан кўп бўлмаган сайлов округи;

-халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун - ўттизтадан кўп бўлмаган сайлов округи. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз - ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, Тошкент шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг олти — саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.

Халқ депутатлари туман, шаҳар (бундан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши мустасно) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмайди.

Сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан ахборот тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.

 

Н.Эргашов: Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти