ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТИ
Шу кунларда халқимиз давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида энг катта, алоҳида ўрин олган қутлуғ байрамлар қаторида мустақиллигимизнинг тамал тошини қўйган, эркин ва обод келажагимизнинг пойдеворини белгилаб берган Конституциямизнинг қабул қилинганлигининг 30 йиллиги умумхалқ байрами сифатида кенг нишонламоқда.
Ҳақиқатан ҳам, биз бундан 30 йил олдин, яъни 1992 йил 8 декабрь куни моҳияти ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган, том маънода тарихий ҳужжатни – ҳаётимиз қомуси бўлмиш Конституциямизни қабул қилиш билан ўзини оқламаган эски тузумдан бутунлай воз кечиб, янги давлат, янги жамият қуриш йўли ва имкониятларини очдик.
Айнан ана шу кундан бошлаб юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашда Асосий Қонунимиз мустаҳкам замин бўлиб келмоқда.
Бугун ўтган давр мобайнида босиб ўтган йўлимизни танқидий баҳолар эканмиз, аввало Конституциямизнинг асосий принциплари ва қоидалари негизида қабул қилинган қонун ва дастурлар бўйича давлат қурилиши, ижтимоий-иқтисодий қурилиш борасида босқичма-босқич ва изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини қайд этишимиз табиий, албатта.
Зеро, давлатнинг конституцияси конституцион тузумнинг ёки конституционализмнинг ҳуқуқий асоси сифатида кўриб чиқилади, таркибий қисми эса бир қанча: қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқларининг устунлиги, вакиллик бошқаруви ва ҳокимиятнинг бўлиниш тамойилларини ўз ичига олади. Ҳозирги замонавий дунёда 200 дан ортиқ конституциялар амалда бўлиб, 300 дан ортиқ асосий қонунлар (конституция, низомлар) федерация субъектлари томонидан қабул қилинган (Бразилия, Германия, Россия, АҚШ ва бошқалар).
Конституция – жамият ривожининг маълум даражасининг маҳсулоти ва шу билан инсонлар онгига боғлиқдир. Тарихнинг туб бурилишларида конституцянинг янги моделлари пайдо бўлади, бироқ уларда умумий анъаналар ўз аксини топади.
Жумладан, ҳозирги замондаги ҳамма конституциялар ҳам жамият ривожланишининг ҳаққоний тенденцияларини нуқтаи назарини акс эттирмайди. Коммунизм қурилишининг мақсадлари 1972 йиддаги КХДР конституциясида айтилса, халифалик ғоялари 1992 йилдаги Саудия Арабистони конституциясида (асосий низом), султонлик 1996 йилдаги Уммон ва 1996 йилдаги БАА айтиб ўтилади.
Шахс ҳолатини конституциявий тартибга солинишини ўзгариши жамиятнинг шахсга нисбатан ёндашувини ўзгаруви билан (ажралиб қолган индивид эмас, у тўғрида ғамхўрликни энг кам кўринишда намоён қилувчи жамият аъзоси), коллективларнинг жамиятда янги роллари билан боғлиқдир (инсон – ҳар хил коллективларнинг бир қисми, хусусан ташвишини ва афзал билишлари (қарашлари) орқали ифода қилади, давлат асосий органларига сайловларни ҳам шу қаторга қўшиш мумкин).
Замонавий конституциявий ҳуқуқда инсоннинг ўрни нафақат унинг сиёсий (эркин бирлашмалар тузиш, сўз эркинлиги ва бошқалар) ва шахсий ҳуқуқлари (яшаш ҳуқуқи, шахс даҳлсизлиги, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи ва бошқалар) билан, балки ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлари билан ҳам боғлиқдир. Янги нонституцияларда бу ҳуқуқлар (меҳнат қилиш ҳуқуқи, таълим олиш, нафақа, соғлиқни сақлаш ва бошқа)нинг барча мавжуддир. Ўзбекистон Республикаси конституцияси ҳақида гап кетганда, таъкидлаб ўтиш керакки, инсон ҳуқуқларининг устунлиги конституциянинг бошланғич тайёрлов босқисидаёқ мустаҳкамланиб қўйилган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий натижа берувчи механизм шакллантирилган ҳамда доимо ривожланиш ва такомилланишда. Ўзбекистонда ташкил қилинган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими қонун чиқарувчи, тартибга солиш муносабатларида ҳамда ҳалқаро ҳуқуқнинг умумтан олинган нормалари ҳисобга олиниб қабул қилинган мамлакат қонунчилиги ва конституциясида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларининг умумий комплексини амалга оширишни таъминловчи ҳамда давлат ва жамоат институтлари тизимларидан ташкил топган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг фармони билан 1991 йил 25 августда республика Олий Кенгашига қисқа муддатларда давлат мустақиллиги тўғрисидаги қонуннинг лойиҳасини тайёрлаш ва уни Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқиш таклиф қилинди. Президентнинг 1991 йил 31 августдаги таклифига кўра, Олий Кенгаш навбатдан ташқари сессиясида “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституцион қонунни қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингунига қадар “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституцион қонун вақтинча унинг вазифасини (функциясини) бажариб турди. Унда давлат суверенитети ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ғояларни ўз ичига қамраб олган бир қанча муҳим моддалар мавжуд эди.
Хусусан, қонуннинг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикаси халқи мустақилдир (суверен) ва республикада давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи ҳисобланади. У унга тегишли бўлган ҳокимиятни бевосита амалга оширгандек, вакиллик органлари орқали ҳам амалга оширади” деб мустаҳкамланиб қўйилган. Қонуннинг 15-моддасига биноан, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясига биноан ўрнатилади. Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллатидан, келиб чиқишидан, ижтимоий келиб чиқиши (тегишлилиги) эътиқоди, ишончидан қатъи назар бир хил фуқаровий ҳуқуқларига эга ва Республика конституцияси ва қонунлари ҳимояси остидадир”. Шунга мос равишда мустақил давлатда асосий устунлик деб миллати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди ва ишончидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тенг ҳуқуқлилигини ҳимоя қилишни таъминлаш эълон қилинди.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн иккинчи чақириқ ўн биринчи сессиясида моддама-модда овоз бериш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ислоҳотларни ва халқ манфаатлари амалга оширишда Ўзбекистон суверен демократик республика деб ҳисобланиши ва демократик ҳуқуқий давлатнинг тузилиши ва шаклланишига йўналтирилган ҳуқуқий асосларни яратди; у инсон ҳуқуқларини кафолатлайди; унда ички ва ташқи сиёсатнинг асослари, қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти асослари ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўзининг асл моҳиятига, фалсафасига, ҳояларига кўра, ўзида янги мазмунли ҳужжатни ифодалайди. Дунёдаги барча қадриятлардан энг буюги – инсонни, ушбу асосда фуқаро, жамият, давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларда ўз ақл-идрокига асосланиб, ҳуқуқий ечимлар топишга интилган. Ўзбекистон Республикаси конституцияси инсон ҳамда фуқаронинг кенг доирадаги халқаро умумтан олинган ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди.
Шахс ҳуқуқ ва эркинликлари – бу инсон цивилизациясининг умумий ютуғидир. Ўзбекистон Республикасининг конституциясини қабул қилиниши – бу инсон ҳуқуқлари соҳасида қонун ижодкорлиги ишларининг фаол (актив) бошланиши декмакдир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси матнларида инсон ҳуқуқларига тегишли бўлган нормалар устун ўринга эгадир. Улар инсон ва фуқаро ҳуқуқларининг кўп қирралиги билан ажралиб туради ҳамда уларга шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни кафолатлайди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақида умумтан олинган ўзига хос мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Преамбуласида (муқаддимасида) келтириб ўтилади, унда “Ўзбекистон халқи: инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида, ўзининг мухтор вакиллари сиймосида мазкур Конституцияни қабул қилади”.
Ўзида улкан яратувчилик имкониятларини жам этган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш учун ҳуқуқий пойдевор яратиб берди ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, фуқаролик жамиятининг мустаҳкам ва барқарорлигини юридик кафиллигини олди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муҳим аҳамиятларидан бири шундаки, у ўз маъно-моҳияти билан барча аспектларни бирлаштирган ҳолда ҳуқуқий тизимнинг давлат ва жамият ҳаётининг омили сифатида намоён бўлади.
Ўзбекистон Конституцияси ўзида умуминсоний қадриятларни ўзлаштирган ҳолда бирлаштириб, уларни янги даражага кўтаради ва янги ифодасини аниқ кўрсатади – муносиб ҳаётий даражадаги эркин инсонни муҳимлигини ифодалайди.
Ўзбекистон Конституцияси таянч постулатлардан келиб чиқиб, “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” (13-модда). Ушбу асос солувчи ўрнатма Ўзбекистоннинг конституциявий тузумини асосларидан ҳисобланади. У Конституция инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг роли ва аҳамиятини белгилаб беради.
Конституциянинг 31-моддасига биноан: “ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.
Ўзбекистонда 17та диний конфессия вакиллари истиқомат қилишади, диний ҳуқуқ ва эркинликларни рағбатлантириши бўйича давлат сиёсати ҳар хил диний ташкилотларни фаолиятини ривожлантиришда кенг имкониятлар яратиб беради.
Агар 1990 йилда Ўзбекистонда 211та диний ташкилотлар фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунга келиб 2222та диний ташкилотлар рўйхатдан ўтган.
Конституциянинг 43-моддасига мувофиқ, конституция – конституция ва қонунларда мустаҳкамланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда давлатнинг мажбурийлигини ўрнатади. Конституциянинг 44-моддасига биноан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Бу кафолатлар тўғрисидаги умумий нормалардан ташқари аслида ҳар бир муайян ҳуқуқ ва эркинликларни уларнинг кафолатлашининг шароити, тарзини кўрсатмалари илова қилинади.
Инсон ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари Ўзбекистон Республикасининг турли ҳуқуқ соҳаларидаги инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминловчи барча ҳуқуқ воситаларини қамраб олади. Ушбу соҳадаги конституциявий ориентирлари фуқаролик жамиятининг қуришнинг зарурий шарт-шароити ҳисобланган ҳар бир инсоннинг ижодий потенциалини ривожлантиришга йўналтирилган.
Бугун ишонч билан хулоса қилсак бўладики, жамиятга сўз ва виждон эркинлигига имкон берган ҳолда ғоявий давлатдан воз кечиб, миллий истиқлол ғоясини тан олиб, фикрлар плюрализмига рухсат бериш ва кўппартиявийликнинг асосларини яратиш, хусусий мулкни тан олиш, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтишни ҳамда шахс ҳуқуқ ва эркинликларини суд ҳимоясида деб эълон қилиниши билан Конституция Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросининг ҳаётига кириб борди.
Конституциянинг мазмуни бошланғич ҳамда энг муҳим бўлгани ҳолда давлатнинг ривожланиш йўлини белгилаб беради.
Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги конституциявий нормалар соҳавий қонун чиқарувчи тизимда ўзларининг кейинги ривожига эга бўлди.
Хўш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида илк марта пайдо бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фуқаро ва жамият олдидаги жавобгарлиги тўғрисидаги меъёр “шахс ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи ҳатти-ҳаракатларга қарши судга мурожаатлар тўғрисида”, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларида шунингдек, бошқа бир қанча қонун ҳамда қонуности норматив ҳужжатлари ёрдамида амалга оширилади.
Турли соҳаларда қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар конституцияга мувофиқ келишлиги лозим ва бу Конституциявий суднинг назорат предмети ҳисобланади. Шундай қилиб, конституция Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тизимини ташкил қилувчи ҳуқуқнинг барча соҳаларини ривожланишида ўзида юридик базани мужассамлаштиради ҳамда ҳуқуқнинг бошқа соҳаларининг бирдамлик ва ҳамжиҳатлигини таъминлайди.
Шундай экан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг қабул қилиниши барча ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларда таянч нуқта ва олий ҳуқуқий манба бўлиб хизмат қилди ҳамда исталган демократик давлатнинг асосий қадрияти бўлган – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафили бўлиб чиқди.
Сурхондарё вилоят судининг судьяси: АЛЛАБЕРДИЕВ САНЖАР АБДУШУКУРОВИЧ