Қўшмачининг фаолиятига чек қўйилди.

Қўшмачининг фаолиятига чек қўйилди.

Динимизда зино ҳаром саналади. Бу ишга олиб борувчи йўллар ҳам ҳаромдир. Шунинг учун мусулмон эркак ва муслима аёллар ҳам зинога сабаб бўлувчи нарсалардан сақланмоғи лозим бўлади. Зино инсоннинг руҳий тинчлигини йўқотадиган разолатдир. Иффатли бўлиш эса кишига тинчлик ва хотиржамлик бахш этади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зинодан қайтариб айтадилар:

«Эй, инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда 6та зарар бор. Шундан 3таси бу дунёда, 3таси охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: зино руҳий гўзалликни кетказади, камбағаллик келтиради, умрни қисқартиради. Охиратдагиларига келсак, улар — Аллоҳнинг ғазаби, ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир».

Эътибор қилдингизми, ушбу ҳадисда зинонинг зарарларидан 6 таси маълум қилинмоқда. Шундан 3таси бу дунёдаги зарарларидир. Зино инсоннинг руҳий гўзаллиги, яъни юзидаги нурини кетказади. Камбағаллик келтиради, дегани бу оиладаги бараканинг кўтарилиши, ишлари орқага қараб кетишидир. Умрини қисқартириши, бу зино туфайли зинокорнинг ўзи ёки оила аъзолари ва фарзандлари турли бало-офатларга гирифтор бўлиб, касофати уриши, соғлиғини йўқотиши ёки умрига зомин бўлишидир. Аммо «Беш бармоқ баравар эмас», деганларидек, қалб кўзи кўр, ҳаром-харишдан ўзини тиймайдиган ва пул учун ҳар нарсага тайёр одамлар, афсуски, орамизда кўп бўлмаса-да, учраб туради.

Қуйидаги ҳикоямизда ҳаром луқмадан парҳез қилмайдиган, аниқроғи, шаҳвоний ҳирсини жиловлай олмаётган икки киши — бир аёл ва бир эркакка ўз нафсларини зино йўли билан қондиришлари учун шароит яратиб бериб, пул эвазига уларни ўз уйига қўйиб, қўшмачилик қилган аёл ҳақида сўз боради.

Халилова Гулрух (исми шарифи ўзгартирилган) 2022 йил 8 январь куни соат 19:30 ларда,  Вилоят ИИБ ХТТБ  тезкор вакиллари ва туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбир жараёнида Музработ туман «Юртим жамоли» маҳалласида ўзига тегишли бўлган яшаш хонадонида фоҳишахона ташкил қилиш мақсадида, Салимова Мариянадан 300.000 минг сўм миқдорда пул олиб, бунинг эвазига Холиқов Фурқат билан ўзаро жинсий алоқа қилишлари учун уларга шарт-шароит яратиб бериб, фоҳишахона ташкил қилган ҳолати аниқланиб, Халилова Гулрухдандан 300.000 минг сўм миқдордаги пуллар далилий ашё тариқасида тегишли тартибда процессуал расмийлаштирилиб олинган.  

Суд ҳукмига кўра, Халилова Гулрухга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 2-қисми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланди ва озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ЖК 481-моддасининг 6-қисмида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши ҳақида огоҳлантирилди

 

 

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг раиси      Т.Абдираимов