Музработ туман ҳокими Алимов Эркин Жўраевичнинг 8-март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрами табриги
Музработ туман ҳокими Алимов Эркин Жўраевичнинг 8-март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрами табриги
Ассалому алайкум!
Муҳтарама онахонлар!
Қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим !
Барчамиз орзиқиб кутган сўлим баҳор кириб келиши билан табиат очилиб, кўнгилларимиз ёруғ туйғуларга тўлиб бораётган мана шу шукуҳли айёмда сизларни, сизлар орқали бутун туманимизда истиқомат қилаётган 74 минг 255 нафар хотин-қизларини “8-март Ҳалқаро хотин-қизлар куни” билан чин қалбимдан муборакбод этишдан бахтиёрман.
Ҳурматли мунис онахонлар ҳамда опа сингилларим !
Ҳақиқатан ҳам, сиз, азизларнинг юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришдаги ўрнингиз ва таъсирингизни, чидам ва сабр-бардош, оқилалик ва шукроналик каби фазилатларингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди. Ҳеч иккиланмасдан айтмоқчиман: ўзининг гўзаллиги ва фидойилиги, меҳнаткашлиги ва бағрикенглиги билан бизнинг юртимиз аёлларига тенг келадиган аёллар дунёда камдан-кам топилади.
Айни вақтда ҳаммамиз яхши тушунамизки, хотин-қизларимиз учун янада қулай шароит яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ўз билим ва профессионал малакаси, истеъдод ва салоҳиятини амалда намоён этишига кенг йўл очиб бериш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак.
Шу борада мен жондан азиз фарзандларимиз, айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни болаликдан бошлаб замонавий билим ва касб-ҳунарларга, маданият ва спортга ошно этиш, урф-одат ва маросимларни давр талаблари билан уйғунлаштириш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда сиз, муҳтарама аёлларимизга, сизларнинг ақл-заковатингиз, жонкуярлик фазилатларингизга таянаман.
Хушхабарнинг қаноти бор дейишади, кени кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Фармонига асосан туманимиздаги 20-мактаб Рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Жумаева Светлана Петровна “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Ушбу орден Музработлик аёлларимизнинг фидокорона меҳнатларига берилган юксак баҳо десак муболаға бўлмайди.
Азиз ва қадрли опа-сингиллар !
Сизларни баҳор элчиси бўлган, ўзингиздек гўзал ва дилбар байрамингиз билан яна бир бор табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Умрингиз узоқ, иқболингиз зиёда бўлсин!
Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин!
Эътиборларингиз учун рахмат !