Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Музработ тумани ҳокимлиги
МУЗРАБОТ ТУМАНИ ҲОКИМИ АБДУРАШИД ХУДАЯРОВИЧ ИСМАИЛОВНИНГ ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМ ТАБРИГИ

МУЗРАБОТ ТУМАНИ ҲОКИМИ АБДУРАШИД ХУДАЯРОВИЧ ИСМАИЛОВНИНГ

ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМ ТАБРИГИ

      Қадрли тумандошлар! Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланган 2023 йилнинг ҳам мозийга айланиш арафасида турибмиз. 2023 йилда мамлакатимизда кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар ўтказилди. Энг аввало, ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериши орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

    Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ўтказилган президентлик сайлови эса яна бир карра жамиятимизнинг сиёсий етуклиги, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимиз тўлиқ қўллаб-қувватлаганидан далолат берди. Бу ислоҳотларни рўёбга чиқаришда туманимиз аҳли ҳам фаол қатнашиб, халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича бунёдкорлик ишларида собитқадам бўлмоқдалар.

     Тарихга айланаётган йилимиз музработликлар учун мисли кўрилмаган муваффақиятларни қўлга киритиш йили бўлди десам муболаға бўлмайди. Хусусан, пиллачиларимиз 2443 қути ипак қуртини парваришлаб, давлатимиз хазинасига 142,1 тонна қимматбаҳо “кумуш тола” етказиб бериб, шартномавий режани ортиғи билан уддаладилар. Ғаллакорларимиз деҳқончилик қилинган 10700 гектар ернинг ҳар гектаридан ўртача 76 центнердан, жами 81 357 тонна “олтин бошоқ” хирмони тикладилар. Шартномавий режага кўра, шундан 34 184 тонна дон давлатга сотилиб, йиллик режа 102,4 фоизга бажарилди.

      Туманда етакчи тармоқ бўлган пахтачиликда эришилган ютуқлар, айниқса, қувончли бўлди. 9200 гектар экин ер майдонида 207 та фермер хўжаликлари ҳамда 2 та кластер билан фючерс шартномаси тузилиб, 32 388 тонна ўрнига 36 227 тонна “оқ олтин” хирмони тикланди. ҳосилдорлик гектар ҳисобига 39,4 центнерни ташкил этди, шартномавий режа 112 фоизга бажарилди. Шунингдек, туманда шоличилик, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва иссиқхона хўжалигида салмоқли натижалар қўлга киритилиб, ички ва ташқи бозорга сифатли маҳсулотлар етказиб берилди.

       Туманимизда йилнинг ўн бир ойи давомида 607,1 миллиард сўмга тенг хизматлар кўрсатилиб, ўсиш суръати 109,2 фоизни ташкил этди. Йил бошидан буён 148 та кичик хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилиб, 285 та янги иш ўринлари яратилди. Туман ҳудудидан ўтган М-39 халқаро автомобиль йўли ёқасида 2 миллиард 655 миллион сўмлик 6 та янги лойиҳалар ишга туширилди. “Оби-ҳаёт” маҳалласи Истиқлол кўчасини махсус хизмат кўрсатиш кўчасига айлантириш бўйича 5,5  миллиард сўмлик 17 та лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 29 та янги иш ўрни яратилди.

      Жорий йилнинг ўн бир ойида ташқи савдо айланмаси 12 миллион 844,8 минг АҚШ долларига тўғри келди. Жумладан, экспорт ҳажми 9 миллион 815,3 минг, импорт эса 3 миллион 29,5 минг АҚШ долларини ташкил этди. Туманда чакана савдо айланмаси 747,7 миллиард сўмга етди.

      Давлатимиз томонидан фарзандларимизни замонавий мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда таълим ва тарбия олишлари учун катта эътибор қаратилиб келиняпти. Таълим масканлари йилдан-йилга замонавий тус олмоқда, улардаги шарт-шароитлар тубдан яхшиланмоқда. Хусусан, барча умумтаълим мактабларида таъмирлаш ишлари олиб борилди. 4-умумтаълим мактабида 210, 6-умумтаълим мактабида 180-ўринга эга бўлган қўшимча бинолар қурилди. 9, 15, 22, 39-умумтаълим мактаблари бинолари мукаммал таъмирланди. Мактабгача таълим ташкилотлари сони ҳам кўпайди.

     Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тобора яхшиланиб бораяпти. 2023 йилда лойиҳа қиймати икки миллиард 524 миллион сўмлик кўп тармоқли поликлиникага қўшимча 50 қатновга мўлжалланган икки қаватли бино қурилиб фойдаланишга топширилди. 47-сон оилавий поликлниканинг “Бешқўтон” филиали 1 миллиард 867 миллион сўмга капитал таъмирланиб, оилавий шифокорлик пункти сифатида қайта тикланди. 48-оилавий поликлникасининг “Оқтошобод”  филиали учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. 51-оилавий поликлиника учун 1 миллиард 200 миллион сўмлик ташаббусли бюджет маблағи ҳисобидан 2 қаватли бино қурилиши ниҳоясига етказиляпти.

      “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури асосида “Боғи эрам” маҳалласида амалга оширилган ишлар диққатга сазовор. Маҳалла ҳудуди бугун тамоман янгича, замонавий қиёфа касб этди.

 Йил давомида спортчиларимиз  ҳам қўлга киритган ютуқлар ғоят қувончли бўлди. Спортчиларимиз Жаҳон ва Ўзбекистон чемпионатлари ҳамда  республика кубоги мусобақаларида қатнашиб, 10 та олтин, 13 та кумуш, 16 та бронза медалларининг соҳиби бўлдилар. Айниқса, Беҳруз Тошбоев, Мухлиса Бегимқулова, Сабрина Эшбўриева, Асирбек Норқулов, Асадбек Мужассатов, Амриддин Ҳайитов, Озодбек Чориев, Ҳусниддин Рўзиев, Сарвар Хушвақтов, Озодбек Очиловлар шоҳсупанинг биринчи поғонасини банд этгани тумандошларимиз учун шараф ва ифтихор ҳисобланади.

      Азиз музработликлар! 2024 йилда олдимизда янада улкан вазифалар турибди, албатта. Музработликларни яқинлашиб келаётган Янги йил билан муборакбод этиб, барчаларига мустаҳкам соғлиқ, эзгу ишларига омадлар тилайман.

 

Азиз ва қадрли туманимиз аҳли!

Барчангизни Янги – 2024 йил билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман!

Янги йилимиз қутлуғ ва баракали келсин!

Кексаларимизнинг умрини, ёшларимизнинг камолини берсин!

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

3 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?