Музработ тумани ҳокими Абдурашид Худаярович ИСМАИЛОВнинг 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни
муносабати билан байрам табриги
Муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлар! Қадрли фахрийлар!
Аввало сизларни юртимиз бўйлаб нишонланаётган касб байрамларингиз билан табриклайман!
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришганидан буён мамлакатимизда илм-фан ва таълим-тарбия ишларига, хусусан, ўқитувчининг меҳнатига алоҳида ҳурмат-эътибор қаратиб келиняпти. Сирасини айтганда, бу анъана узоқ ўтмишдан бошланиб, қадимдан халқимиз ўз фарзандини устозининг инон-ихтиёрига топширарканда соддагина қилиб, “эти сизники, суяги бизники” деб хитоб айларкан. Аслида, “Устоз – отангдек улуғ” деган пурҳикмат ибора ҳам шундан келиб чиққан.
Бугун жаҳонга донг таратиб, дунё тамаддунининг тамал тошини қўйган Биринчи, Иккинчи ренессанс ижодкорлари ҳам шу заминда туғилиб, инсониятни лол қолдирган. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Учинчи ренессанс яратувчилари ҳам Ўзбекистонда камол топаяпти.
Яқиндагина қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида ўқитувчи мақоми, обрў-эътибори ўзининг ҳаққоний ифодасини топди. Асосий қонунимизнинг 52-моддасида таъкидланганидек, ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишининг асоси сифатида эътироф этилади.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туманимизда ҳам изчил рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 57 та умумий ўрта таълим ва 1 та “Баркамол авлод” мактаблари, 23 та давлат мактабгача, 8 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 120 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, Музработ хизмат кўрсатиш техникуми, Музработ педагогика коллежи, Музработ касб-ҳунар мактаби ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Музработ тумани ихтисослаштирилган мактабида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури кенг жорий қилинмоқда. Дарвоқе, 2023-2024 ўқув йилида билим масканларини таъмирлаш ва қайта реконструкция қилиш учун бюджетдан орттирилган маблағ ҳисобидан 12 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ажратилди. Бу маблағлар эвазига ўқувчилар таълим-тарбия олишини сифатли таъминлаш билан бирга фан ўқитувчиларининг намунали дарс ўтиши, уларнинг замонавий талабларга жавоб берадиган имкониятлар яратишига ҳам йўл очилди.
Бугун шуни алоҳида айтиш жоизки, замонавий билим сирларини эгаллаган ўқитувчиларимиз ўз зиммасидаги масъулият ҳиссини чуқур англаб келажакка сармоя қўймоқдалар. Зотан, туманимизда ўтган ўқув йилида 11-синф-ни битирган 1675 нафар йигит-қизларнинг 54 нафари “олтин”, 4 нафари “кумуш” медаллари билан тақдирландилар. Уларнинг 741 нафари олий ўқув юртларига, жумладан, 344 нафари давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Бу албатта, устозларимизнинг ўз устида тинимсиз ишлаётганларининг самарали ва қувончли натижасидир. Шунингдек, битирувчиларимизнинг 155 нафари ўрта махсус таълими билим юртларига, 779 нафарининг эса маҳалладаги туман ҳокими ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва солиқ ходими ҳамкорлигида бандлиги таъминланди.
Ҳаммамиз мактаб таълимини олганмиз. ўқитувчи ва мураббийлар жамиятимиздаги энг ҳурматга сазовор асил зиёлилар, ҳар биримизнинг муқаддас устозларимиздир.
Сиз, азизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, эзгу фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, хонадонларингизга файз-у барака тилайман.
Ҳамиша соғ-омон бўлинг, муҳтарам устозлар!
© Музработ тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024