Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Музработ тумани ҳокимлиги
Вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жиноятлари ва уларнинг ҳуқуқий оқибатлари

Вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жиноятлари ва уларнинг ҳуқуқий оқибатлари

 

Бош қомусимизнинг 64-моддасида “Ота-оналар фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбия­лашга мажбурдирлар” дея белгиланган. 

Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган пурҳикмат мақол бор. Айниқса, турмуш ўртоғи билан бирга яшамаётган ёки ажрашгани сабабли вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан, яъни алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган “ота”ларга кўпроқ тааллуқли бу гап. Шу боис Жиноят кодексининг 122-моддасида бундай шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган. Бироқ алимент билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш мақсадида 2018 йил 9 январдаги “Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан Жиноят кодекси, Оила кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 474-модда киритилиб, унга мувофиқ моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунинг­дек, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

 Жиноят кодексининг 122-моддасига киритилган ўзгартиришга биноан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Янги таҳрир асосида мазкур модда санкциясидан жарима ва мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазолар чиқарилган. Шу билан бирга, шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўласа, жавобгарликдан озод қилиниши ҳам белгиланган. Мазкур ўзгартириш алимент тўламаётган шахсни жиноий жавобгарликдан олдин маъмурий жавобгарликка тортиш орқали жавобгарликни енгиллаштирган бўлса, ўз навбатида алимент ундириш самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Аниқроғи, энди алимент тўлашдан бўйин товлаган шахс маъмурий жазони ўташ чоғида келгусида яна шундай қонунбузилишга йўл қўйса, жиноий жавобгарликка тортилишини англайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддасида, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, —

икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

            Шуни таъкидлаш керакки, она фарзанди учун бутун ҳаётини бахшида этади, ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр туради. Шундай экан, қарздор отадан алимент ундирилиши маълум маънода аёлнинг, онанинг ҳуқуқини ҳам ҳимоялаш демакдир. Негаки, аксарият қарздор оталар моддий имконияти бўлса-да, аёлига аччиқ қилиб, унга қарши тарзда алимент тўлагиси келмайди. Ваҳоланки, ота-онасининг ўртасидаги гина-кудрат ёки совуқ муносабатлар жабрини бола тортиши керак эмас.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг раиси:  Т.Абдираимов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?