Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Музработ тумани ҳокимлиги
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан қандай ҳимоя қилиш мумкин”

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан қандай ҳимоя қилиш мумкин”

Маълумки, жамиятимизда ҳар қандай иллатга қарши курашишни оиладан бошласак, унинг ижобий натижасини кўрамиз. Шу маънода Асосий Қомусимиз – Конституциянинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга деб белгиланган.

Қатор қонун ҳужжатларига кўра, шахсга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш жиноий жазоланадиган қилмиш бўлишига қарамай, амалиётда аёлларга нисбатан, айниқса оилавий маиший ҳаётда зўравонлик ҳолларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан етарлича эътибор берилмайди. Шу боис ҳам руҳий, ҳам иқтисодий зўравонлик ҳамда тазйиқ учун жавобгарликни қонунчилик йўли билан тартибга солиш талаб этилмоқда. Бу масалалар тўлиқ қамраб олинадиган ягона қонуннинг мавжуд эмаслиги эса  давлат органларига тизимга солинган комплекс статистика олиб бориш имконини бермаган эди.

Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 87 фоизи уларнинг оилаларида, 9 фоизи кўчаларда, 2,4 фоизи жамоат жойларида содир этилган. Бу ҳақида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берган.

Қайд этилишича, 2021 йилда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига мурожаат қилган 7226 нафар фуқаролардан 3320 нафарига психологик, 2784 нафарига ҳуқуқий, 240 нафарига тиббий ва 879 нафарига бошқа ёрдамлар кўрсатилган. Зўравонликдан жабр кўрган 32154 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилган, уларнинг 320 нафари вояга етмаган, 8937 нафари 18 ёшдан 30 ёш орасида, 22.000 дан ортиғини 30 ёшдан ошган аёллар ташкил этмоқда. 1833 та тазйиқ ўтказган, зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳимоя ордери талабларини бажармаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига кўра маъмурий жавобгарликка тортилган.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда тобора кучайиб бораётган оилавий зўравонликка қарши курашиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Чунончи, унда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек бундай қилмишларни содир этганлиги учун жавобгарлик белгиланган.

Бундан ташқари, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар акс эттирилган.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларни қўллаш учун қуйидагилар асос бўлади:

тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари;

тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;

давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган материаллар.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонлик фактлари аниқланган тақдирда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига дарҳол хабар қилиши шарт.

Ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.

Қонуннинг 21-моддасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар турлари белгиланган, унга кўра профилактика суҳбатини ўтказиш;

ҳимоя ордерини бериш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш;

зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш каби чора-тадбирлар мавжуд.

Ҳимоя ордери, уни бериш ва унинг муддатини узайтириш тартиби Қонуннинг 22-моддасида назарда тутилган. Жумладан, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.

Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.

Шахс ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади.

Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.

Ҳимоя ордерини бериш, узайтириш ёки ҳимоя ордерини беришни ёхуд узайтиришни рад этиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Ҳимоя ордери талабларининг ижроси устидан назорат уни берган ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.

Агар ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланса, ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материаллари жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади.

Зўравонлик факти мавжуд бўлган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг бошпана бериш тўғрисидаги талаби бўйича тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг махсус марказларга жойлаштирилишини таъминлайди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини махсус марказга жойлаштириш унинг хоҳишига кўра ўттиз кунгача бўлган муддатга амалга оширилади. Зарурат бўлган тақдирда бу муддат махсус марказнинг уставида белгиланган тартибда узайтирилади. Махсус марказга жойлаштириш муддати тугагач, агар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига нисбатан хавф мавжуд бўлса, махсус марказ маъмурияти бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи махсус марказга жойлаштирилган тақдирда, унинг иш жойи сақлаб қолинади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг махсус марказда бўлиш вақти уни таълим муассасасидан машғулотларни ўтказиб юборганлиги муносабати билан чиқариш учун асос бўлмайди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар тазйиқ ўтказганликда ва зўравонлик содир этганликда айбдор деб топилган шахсдан ундирилиши мумкин.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ кўрсатилиб, бу соҳадаги ваколатли органлар белгилаб берилди.  Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни тобора мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини-олиш меҳанизми қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг девонхона мудири: С.Чориев

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг раиси: Т.Абдираимов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?