Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Музработ тумани ҳокимлиги
Фарзандликка олишга оид ишларни судда кўрилиши.

Фарзандликка олишга оид ишларни судда кўрилиши.

Оила қонунчилигида мавжуд бўлган фарзандликка олиш институти – ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шаклларидан бири ҳисобланади. Шу маънода фарзандликка олиш – болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вужудга келадиган муносабат саналади. Мазкур муносабат вояга етмаган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан ихтиёрийлик асосида пайдо бўлиб, бевосита қонунга биноан биологик ота-оналик ҳуқуқий мақомига тенглаштирилган. 

Фарзандликка олиш муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар ота-онаси бўлмаган ёки ҳар хил сабабларга кўра улар тарбиясидан маҳрум бўлиб колган болаларга оилавий тарбияни таъминлаб, болалар ҳукуқ ва манфаатларини қўриқлашга каратилган.

Фарзандликка олиш фарзандликка олувчи (ва унинг қариндошлари) ҳамда фарзандликка олинганлар (ва уларнинг бўлғуси авлодлари) ўртасида қонунда ота-она ва болаларга нисбатан белгиланган конун ҳужжатларида махсус кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, барча шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни вужудга келтиради, шунингдек фарзандликка олиш бу ҳуқуқий муносабатни вужудга келтирувчи ва бекор қилувчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Фарзандликка олишга доир низоли ишлар болалар тарбияси билан боғлиқ низолар туркумига кириб, оила ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар сифатида қаралади. Бундай низоларнинг судлар томонидан тўғри ҳал этилиши бола ҳуқуқларининг муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади. Фарзандликка олишга доир низоли ишлар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида даъво қўзғатиш усули орқали мазмунан кўрилиб, бундай муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва Фуқаролик процессуал кодекси нормалари орқали ҳуқуқий тартибга солинади. Чунки мазкур низоларнинг ҳуқуқий табиатини ўрганишда унинг моддий ва процессуал ҳуқуқий нормалардан иборат эканлигини назарда тутишга тўғри келади. 

Фарзандликка олишга доир низолар икки туркумга, яъни фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ва фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги низоларга ажратилади. Ушбу низоларнинг тааллуқлилиги фақат судлар ваколатига тегишли бўлиб, бундай низоларни ҳал қилиш судсиз тартибда низони ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат бошқарув органларига (ФҲДЁ, васийлик ва ҳомийлик органларига) тааллуқли бўлмайди. 

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 152-моддасининг 1-қисми, 7-бандида “қасддан жиноят содир этганлиги учун илгари ҳукм қилинган шахслар” фарзандликка олиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

Бироқ, ҳозирги кунда амалиётда яқин қариндошлар (ака-ука, опа-сингил ва ҳакозо) болаларини фарзандликка олмоқдалар.

Айрим ҳолатларда болани ўзига фарзандликка олаётган яқин қариндош бўлган боланинг амакиси-аммаси ёки тоғаси-холаси содир этган жиноят учун ҳукм қилинган бўлиб чиқмоқда. Фарзандликка олиш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича тарафлар бўлган яқин қариндошлар аввалдан келишиб, болани фарзанд қилиб олиш ниятида юриб, айрим ҳолатларда худди ҳақиқий ота-онадек болани тарбиялаб келмоқдалар.

Шу боис, яқин қариндошларга бу масала бўйича имтиёз берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 154-моддасида фарзандликка олиш бўйича яқин қариндошлар устунлик ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган. 

Хулоса қилиб айтганда, судлар томонидан мазкур туркумдаги ишларни кўриб чиқиш жараёнида вояга етмаган болаларни фарзандликка олишда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб, болаларга таълим-тарбия бериш бўйича фарзандликка олаётган бўлғуси ота-оналарнинг олдидаги вазифалари ва бурчларига қай тарзда амал қилиши ҳолатларини атрофлича муҳокама қилишлари лозим бўлади.

 

 

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:         Ш.Х.Элиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
10 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?