Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Музработ тумани ҳокимлиги
Атроф-муҳит муҳофазаси долзарблиги кучаймоқда

Атроф-муҳит муҳофазаси долзарблиги кучаймоқда

 

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, кенг миқёсдаги экологик инқирозга йўл қўймаслик инсоният олдидаги долзарб вазифаларга айланган. Табиат ва инсон ўртасидаги муносабат маълум бир қонунлар орқали бошқарилади. Уларга риоя қилмаслик эртами, кечми, албатта экологик ҳалокатга олиб келади. Табиатда турларнинг ривожи занжир каби бир-бири билан чамбарчас боғланган, улар ўзаро яхлит экотизимни ташкил этади. Ҳаттоки, бир гиёҳ турининг йўқолиши ҳам яшил олам мувозанати бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Халқимизда “Булоқ суви қуримагунча инсон унинг қадрига етмайди” деган мақол бор. Асрлар давомида инсон ўзининг тараққиёт жараёни билан бирга экология инқирози жараёнини тезлаштирди. Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб эътироф этмоқда. Афсуски, дунё бўйича кузатилаётган иқлим ўзгариши атроф-муҳитнинг турли соҳаларига салбий таъсир етказяпти. Дунё мамлакатлари унинг олдини олиш учун қонуний ва амалий чора-тадбирларни кўрмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам бу борада тизимли режа асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда, аввало, Конституциямизнинг 62-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, дея белгилаб қўйилганини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, 2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлаш мақсадида 2019-йил 30-октабрда “2030-йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Президенти кечиктириб бўлмайдиган долзарб масалалар қаторида Оролбўйи масаласига яна бир бор тўхталиб ўтди: “Давримизнинг ўткир муаммоларидан яна бири — глобал иқлим ўзгаришларидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда”.

Амалга оширилаётган чора тадбирларга мувофиқ БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди тузилди. Зеро, Орол денгизи фожиаси нафақат ўзбек халқи, балки башариятнинг энг залворли муаммосига айланмоқда.

Юзага келган вазият боис, минтақадаги глобал экологик муаммо ҳисобланган Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудуднинг экологик ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари мазкур экологик муаммони ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига эришиш учун қонуний асос бўлди.

Борлиқни асраш, ҳайвонот ва наботот оламига бўлган ғамхўрлик, табиий захиралардан оқилона фойдаланиш зарурлигини билиб туриб, унга риоя этмасликни қандай изоҳлаш мумкин? Истеъмолдан ортиқча сув жўмраклардан оқишига йўл қўймаслик, сув ҳавзаларини ифлослантирмаслик, ахлатни дуч келган жойга тўкмаслик, тураржойларни озода сақлаш шунчалик мушкулми? Санаб ўтганларимиз зоҳиран оддий бўлиб кўриниши мумкин, ботинан эса йирик муаммоларнинг олдини олади. Зеро, халқимизда атроф-муҳитни асраш, муҳофаза қилишдек қадриятлар мужассам.

Аслида қадимдан экология масаласи долзарб бўлган. Аждодларимиз ҳам табиат инъомларига ҳурмат билан ёндашиб, уларни асраб-авайлаб, покиза сақлашга интилган. Ўзимиздан қиёс қиладиган бўлсак, “Чиқиндини ариққа ташлама, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама”, каби ўгитлар ота-оналаримизнинг доимий тарбия амоллари эди. Афсуски, ҳозирда табиатга нисбатан бундай муносабат унутилгандек.

Чунки аҳолининг кўча-кўй, атроф-муҳитга муносабати шундай таассурот уйғотади. Тоза-тартибли тутиш биргина хонадонлар эмас, қишлоғ-у шаҳарларимизга ҳам тегишли эмасми? Таассуфки, айниқса, шаҳарларда кўп қаватли уйлар, йўллар четида турли хил чиқиндилар сочилиб ётади. Айримлар тўпланган маиший хазонларни, чиқиндиларни ёндириб, улардан осонгина қутилмоқчи бўлади. Ваҳоланки, бунда инсон ҳаётига, иқлим шароитига салбий таъсир кўрсатувчи кўплаб моддалар ажралиб чиқади, ҳавони заҳарлайди.

Мухтасар айтганда, она табиатга меҳр-муҳаббат руҳида ёндашиш, оилада экологик тарбияни кучайтириш, ҳар бир инсонда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш зарур. Табиат инсонларнинг барча моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондирувчи асосий манбадир. Зеро, она табиат аждодлардан қолган мерос бўлибгина қолмай, балки келажак авлодга бешикаст қолдиришимиз зарур бўлган амол ҳисобланади.

 

Сурхондарё вилоят суди судяси:         У.У.Тожиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?