ИҚТИСОДИЙ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
Ҳозирги кунда тадбиркорлик соҳа вакилларнинг иқтисодий судга мурожаат қилиш тартибини ўрганиш долзарб вазифаларнинг бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли” деб ёзиб қўйилган.
Тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар (корпоратив низолар юзасидан) ўзларининг иқтисодий соҳадаги бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида иқтисодий судларга мурожаат қиладилар. ИПКнинг 3-моддасига кўра ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга ИПКда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
Иқтисодий процессуал кодексининг 3-моддасида судга мурожаат қилишда низоларнинг тоифасига кўра қандай турдаги ҳужжатлар тақдим этилиши баён қилинган.
Унга кўра, судга тақдим этиладиган ҳужжатлар даъво аризаси, ариза ёки шикоят тарзида расмийлаштирилиб, тақдим этилади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда иқтисодий судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ҳам мурожаат қилишга ҳақли. Тарафлар ўртасида тузилган шартномада ёки қонунчиликда даъво аризаси билан судга мурожаат қилишдан олдин, низони судгача ҳал қилиш шартлигидан иборат бўлган қоида белгиланиши мумкин.
Жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўзаро шартнома тузишда эркиндирлар ва шартномада қонунга зид бўлмаган қоидаларни мустақил равишда ва ўз хоҳишларига кўра белгилайдилар. Агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан, яъни жавобгарга олдиндан талабнома юборгандан сўнг судда иш қўзғатиш мумкин.
Ҳусусан, Фуқаролик кодексининг 384-моддасига кўра, шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги
келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса.
Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса, ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин. Шу боис, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш юзасидан иккинчи тараф билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилганидан кейингина, судга бу тўғрисида талаб билан мурожаат қилиши мумкин.
Агар даъвогар манфаатида прокурор, давлат органлари ва бошқа органлар судга даъво аризаси билан мурожаат қилса, талабнома юбориш тартибига риоя қилинганлигидан қатъи назар, иш кўриб чиқилади.
Судга тақдим этиладиган даъво ариза, қарши даъво ариза, аризалар ҳамда шикоятлар учун умумий бўлган қоида шундан иборатки, улар ишда иштирок этувчи шахслар (ташкилотлар, фуқаролар) номидан расмийлаштирилади ва ваколатли шахслар томонидан имзоланади.
Шартнома бўйича келишмовчиликлар тўғрисидаги низони судга ҳал этиш учун беришнинг бошқа шарти тарафларнинг бундай имконият ҳақидаги келишуви ҳисобланади. Мазкур келишув турли шаклларда, масалан, хатлар, телеграммалар, маълумотлар алмашиш йўли билан, факсимил ёки электрон алоқа воситасида ифода этилиши мумкин.
Бундан ташқари, шартнома бўйича келишмовчиликларни ҳал этишни судга топшириш тузилиши керак бўлган шартноманинг шарти сифатида назарда тутилиши ва агар бошқа тараф келишмовчиликлар баённомасида лойиҳанинг бу шарти бўйича ҳеч қандай эътироз билдирмаса, тарафлардан бири томонидан лойиҳага киритилиши мумкин.
Xулоса ўрнида айтиш жоизки, юқорида келтирилган иқтисодий судга мурожаат қилиш тартиби билан томонлар таниш бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Шеробод туманлараро суди раиси: С.Ж.Хусанов
© Музработ тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024