Эрдан хотинига таъминот ундириш ҳақидаги масала суд томонидан кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддаси 3-қисмига кўра, Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Даъвогар Ашурова Гўзал (фамилияси ва исми ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, суддан жавобгар Ашуров Баҳромдан (фамилияси ва исми ўзгартирилган) 2021 йил 25 февраль куни туғилган фарзанди Алишер уч ёшга тулгунига қадар ҳар ойда таъминот ундиришни сўраган.
Аниқланишича, Ашуров Баҳром ва Ашурова Гўзал қонуний никоҳдан ўтган ҳолда оила қуриб бирга яшаб келишган.
Уларнинг турмушларидан бир нафар фарзанди бўлиб, фарзанди уч ёшга тўлмаган.
Ашуров Баҳром ва Ашурова Гўзал ўзаро келишмовчилик сабабли алоҳида яшаб келишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт, бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаеқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Ашуров Баҳром фарзанди уч ёшга етгунга қадар Ашурова Гўзалга моддий ёрдам бериб туриши шарт.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 119-моддасида, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
Суд томонидан даъвогарнинг даъвосини қаноатлантириб, Ашуров Баҳромдан Ашурова Гўзалнинг фойдасига 2021 йил 25 февраль куни туғилган Алишер исмли фарзанди уч ёшга етгунга қадар 2022 йил 15 июль кунидан бошлаб ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 (йигирма) фоизи миқдорида қатъий суммада алимент ундириб бориш белгиланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди раиси: Зариф Хўжамуротов
© Музработ тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024