Бош қомусимизнинг 64-моддасида “Ота-оналар фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” дея белгиланган қоидасидан келиб чиққан ҳолда айрим қонунларнинг бола ҳуқуқларига оид нормаларини такомиллаштириш борасида таклиф ва мулоҳазалар туғилди. Негаки, ҳаётда барча ота-оналар ҳам (кўпроқ оталар) юқоридаги моддада қайд этилган бурчини, конституциявий мажбуриятини тўлақонли ҳис қилавермайди.
Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган пурҳикмат мақол бор. Айниқса, турмуш ўртоғи билан бирга яшамаётган ёки ажрашгани сабабли вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан, яъни алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган “ота”ларга кўпроқ тааллуқли бу гап. Шу боис Жиноят кодексининг 122-моддасида бундай шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган. Бироқ алимент билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш мақсадида 2018 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан Жиноят кодекси, Оила кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 474-модда киритилиб, унга мувофиқ моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади деб кўрсатилган.
Шамсиев Шохжахон (исми шарифи ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг суд буйриғига асосан асосан ундирувчи Пардаева Баҳринисо фойдасига 1 нафар фарзандининг таъминоти учун барча иш ҳақи ва даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўлаши лозим бўлса-да, жами бўлиб 8.273.120 сўм алимент қарзларини тўламасдан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида суд мажлисида Шамсиев Шохжахонга зарарни тўлаш учун имконият берилган бўлсада зарарни қопламаганлиги сабабли туман судининг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисмига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шамсиев Шохжахон суд қароридан сўнг яқин қариндошлари томонидан зарар қопланганлиги сабабли, Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида қайта кўрилиб, Шамсиев Шохжахон томонидан содир этилган ушбу ҳуқуқбузарлик натижасида келтирилган зарар миқдори тўлиқ қопланганлигини инобатга олиб, унга нисбатан бўлган маъмурий ишни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 10-бандига асосан ҳаракатдан тугатилиб маъмурий қамоқдан озод қилинган.
Сурхондарё вилоят судининг судья ёрдамчиси: Ш.Жумақулов
© Музработ тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024