Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Музработ тумани ҳокимлиги
Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари

Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат:
инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари

Барчамизга маълумки, бош қомусимиз бу - Конституция. Конституция нафақат юристлар учун балки Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун
дастур-ул-амалдир. Зеро, ҳар бир ривожланган давлат ўз миллий конституциясига эгадир ва ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият деб тан олинган экан, шу давлатларнинг конституциясида энг муҳим қоидалар сифатида белгиланган. Бу борада халқаро ҳужжатларда қайд этилган қатъий қодалар мавжуд бўлиб, улардан: 1948 йилда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси”, 1966 йилда қабул қилинган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактларда инсон ҳуқуқлари-эркинликлари ва уларни муайян ҳолатларда чеклаш бўйича ҳам қоидалар акс эттирилган. Ушбу қоидалар қонунийлик, мақсадга мувофиқлик ва зарурият принципларидан келиб чиқиб қўлланади. Хусусан, Қонунийлик принципи-Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини фақат қонуний асосда чеклаш мумкинлигини билдирса, Мақсадга мувофиқлик принципи - Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклашда халқнинг розилигини ифодалайди. Давлатнинг, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига аралашуви зарурият тамойили асосида амалга оширилади. Бунда шахсга етказиладиган зарар ўрнини қоплаш масаласи диққат-марказида бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан кафолатланиши ва ҳимоя қилиниши белгиланган бўлса-да, асосий қонуннинг ўзи ҳамда қонунчилик ҳужжатларида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашга оид қоидалар мавжуд. Бу қоидалар қачон ва қандай амалга оширилишини қуйидаги 3 та ҳолатда кўриш мумкин.

-биринчидан, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига зарар етказмаслик учун чекловлар ўрнатиш. Масалан, қарздорга нисбатан суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларига асосан ижро иши юритиш жараёнида ушбу органлар томонидан белгиланган чекловлар. Хусусан, Ўзбекистон Республикасидан чиқишига вақтинча чеклов жорий қилиниши ёки давлат ижрочи томонидан қарздорнинг ҳисоб-варағида сақланаётган пул маблағларини хатланиши унинг ўз
ҳисоб-варағидан фойдалана олмаслиги бунга мисолдир.

-иккинчидан, шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ёки жиноят учун жазо сифатида белгилаш. Бу чеклашлар суд қарори ёҳуд ҳукми асосида амалга оширилади. Хусусан, шахсни маъмурий қамоққа олиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш (чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади), муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш (масалан, автотранспорт воситасини ҳайдаш ҳуқуқидан ёки маълум соҳада (лавозимда) ишлашдан вақтинча маҳрум қилиш чеклаш), озодликдан чеклаш ёки маҳрум қилиш билан боғлиқ жазолар бунга мисолдир.

-учинчидан, давлат хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида қўлланиладиган чекловлар. Хусусан, пандемия эълон қилинган даврда карантин жорий этилиши муносабати билан шахсларнинг эркин ҳаракатланишининг чекланиши ёки фавқулодда вазият жорий қилинган ҳудудларда маълум вақт доирасида айрим ҳаракатларнинг чекланиши бунга мисолдир.

Биз ҳам ривожланган давлатлар фуқаролари каби давлатимиз, миллатимиз, ўзимиз ва қолаверса келажак авлодимиз учун ҳам янги Ўзбекистонда қабул қилиниши режалаштирилаётган янги Конституцияга бефарқ эмасмиз.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси: Дж.Маматалиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?