Контрактация шартномаси
Мамлакатимизда иқтисодий суд ишларини юритишнинг асосий вазифаларидан бири - иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Бугунги кунда бизнес вакиллари, тадбиркорлар ва фермерларнинг қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, уларнинг эркин фаолият кўрсатиш учун ҳар томонлама имконият яратиш, муаммоларини жойида бартараф этиш давлат органлари, жамоат ташкилотлари фаолиятининг энг асосий йўналишларидан бирига айланди.
Шу билан бирга, даъво ишларини кўриш жараёнида айрим давлат органларининг ўз ишига совуққонлик билан қараши оқибатида фермер хўжалигининг оғир меҳнат эвазига етиштирилган мўл ҳосили нобуд бўлишига йўл қўйилаётгани ҳам кузатилмоқда. Бунда кўплаб зарар етказилган ҳолатлар ҳам аниқланиб, сарф-харажатлар, бой берилган фойда айбдор ташкилотлардан сўзсиз ундириб берилмоқда.
Контрактация шартномаси ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Фуқоролик кодексида батафсил тушунтириш берилган.
Контрактация шартномасига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга – тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олади.
Агар амалдаги Фуқоролик кодексида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, контрактация шартномасига нисбатан маҳсулот етказиб бериш шартномаси тўғрисидаги қоидалар, тегишли ҳолларда эса давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб беришга доир давлат контракти тўғрисидаги қоидалар қўлланади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи ўстирилган (ишлаб чиқарилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини тайёрловчига контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда топшириши шарт.
Агар маҳсулот етиштирувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда олинмаслиги олдиндан маълум бўлиб қолса, тайёрловчи шартномани бекор қилишни ёки ўзгартиришни ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Агар контрактация шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тайёрловчи етиштирувчи жойлашган ерда ундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилиши (қабул қилиб туриши) ва олиб кетишни таъминлаши (таъминлаб туриши) шарт.
Тайёрловчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олиб кетишни ёки қабул қилиб олишни таъминламаган тақдирда етиштирувчига қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қийматини ва уни келтириш харажатларини тўлайди.
Контрактация шартномасига мувофиқ олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлайдиган тайёрловчи етиштирувчининг талабига кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш чиқиндиларини тарафлар келишган нархда етиштирувчига қайтариши шарт.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, контрактация қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари юзасидан шартнома тузиш ва бажаришда, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, қишлоқ хўжалиги маҳмулотларини харид қилишни амалга оширувчи ташкилотлар, корхоналар билан қишлоқ хўжалиги корхоналари, шу жумладан фермер хўжаликлари ўртасида пайдо бўладиган муносабатларни тартибга солади.
Аббос Холмуминов: Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси
© Музработ тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024