Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Музработ тумани ҳокимлиги
Жазо тайинлашнинг умумий асослари

Жазо тайинлашнинг умумий асослари

Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида қандай ижтимоий хавфли, ҳуқуққа хилоф ва айбли қилмишларнинг жиноят эканлиги аниқланиб, уларнинг яна бир асосий белги сифатида жазога сазоворлиги кўрсатилган. Бизнинг жиноят қонунимизда жазонинг мохиятига жиноятчиликка қарши кураш воситаларидан, лекин бош восита деб эмас, балки ёрдамчи восита ёндошувида намоён бўлади ва бу қоида жиноят кодексининг 2-моддасида мустаҳкамланган. Яъни:

Биринчидан, жазо жиноят қонунида белгиланган давлатнинг мажбурлов чорасидир. Жиноят қонунининг ягона манбаи жиноят кодекси бўлганлиги боис жиноий жазодек мажбурлов чораси жиноят кодексидан бошқа бирон-бир ҳужжатда белгиланмаслиги лозим.

Иккинчидан, жазо оммага таъсир этиш хусусиятига эга бўлган чорадир. Жазо давлатнинг шахс, жамият ва давлат ҳуқуқ ва манфаатларини химоя қилиш учун қабул қилган қонунида белгиланган тақиқларни бузиш, ёки уларини бажармасликдан иборат муайян шахснинг жиноий хулқ-атворига қарши қаратилган мажбурий жавоб чорасидир. Давлатнинг нормал фаолиятини таъминлайдиган мазкур қонуннинг асосий ижтимоий вазифаси бутун жамият учун энг муҳим ва қимматли бўлган ижтимоий муносабатларни мухофаза қилишдан иборатдир. Шу боис жиноят содир этишда айбдор шахсларга нисбатан давлат томонидан қўлланиладиган жазо барча фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилади.

Учинчидан, жазо Судлов тизимининг таркибий қисми – суднинг ҳукми билан жиноят содир этишда айбдор ҳисобланган шахсга нисбатан қўлланиладиган чорадир. Конституциямизнинг 106-моддасида, суд хокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи хокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши қайд этилган. Конституциянинг 26-моддасида эса жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди, деб таъкидланади. Шундан келиб чиқиб, шахс фақат суднинг айблов ҳукми билан айбдор деб топилиши мумкин, агар мазкур ҳукмнинг оқибати сифатида унга жазо қўлланса.

Жазо тайинлашнинг умумий асослари, энг аввало, жиноят содир этишда қонуннинг принциплари билан боғлиқдир. ЖКнинг 10-моддасида «Қилмишда жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт» дейилади. ЖКнинг 4-10-моддаларида жиноят қонунининг
7 та принципи ва уларнинг тушунчалари берилган бўлиб, жазо тайинлаш ана шу принципларнинг ҳар бири ва барчаси билан бевосита боғлиқдир. Масалан, ЖКнинг 8-моддасида одиллик принципининг тушунчаси берилган бўлиб, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак дейилади. Жиноят содир этган шахсга нисбатан унинг ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланиши ЖКнинг
42-моддасида назарда тутилган жазонинг мақсадларига эришишни назарда тутади. Жазо тайинлашнинг умумий асослари суднинг ЖК махсус қисмининг жиноят содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддасида белгиланган доирада умумий қисмнинг қоидаларига мувофиқ жазо тайинлашнинг бир қатор масалаларини эътиборга олишни тақозо қилади.

ЖКнинг махсус қисми моддасининг санкцияси доирасида жазо тайинланади, деганда нимани тушуниш керак? ЖКнинг махсус қисми моддаларидаги санкциялар алтернатив санкция тариқасида берилган бўлиб, суд жазо тайинлашда фақат ана шу санкцияда кўрсатилган жазолардан бирини асосий жазо сифатида тайинлайди. Бунда, суд тайинлаш учун танлаган жазо турининг миқдори ва муддати шу санкцияда кўрсатилган доирадан ташқарига чиқмаслиги керак.

ЖКнинг 54-моддасида, умумий қисм қоидаларига мувофиқ жазо тайинланиши хақида қайд этилган. ЖК умумий қисми қоидаларига мувофиқ жазо тайинлаш деганда нималар тушунилиши керак?

Маълумки, жиноят қонуни махсус қисмининг моддаларини амалга татбиқ қилишининг барча қоидалари унинг умумий қисмида кўрсатилган. Махсус қисм нормаларини кўллашда умумий қисм нормалари йўналтирувчи ва тартибга солувчи нормалар бўлиб ҳисобланади. Демак, умумий қисмининг нормалари махсус қисмнинг калити ҳисобанади. ЖКда махсус қисм моддаларига тегишли бўлмаган бирорта модда йўқ. Масалан, ЖКнинг махсус қисмида жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган бўлса, умумий қисмида жиноят тушунчаси (14-моддаси) берилган, махсус қисмида жиноятлар учун фақат жисмоний шахслар томонидан содир этилган жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, умумий қисмининг 17-моддасида жисмоний шахс,
18-моддасида ақли расолик тушунчалари берилган. ЖК махсус қисмининг кўпчилик моддаларида жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан қилинса, дейилган, иштирокчилик тушунчалари эса, 27-30-моддаларида берилган. Махсус қисм моддларида жиноят такроран, хавфли рецидивист, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилса, дейилади, уларнинг тушунчалари эса умумий қисмининг 32-34-моддаларида берилган. ЖК махсус қисми моддалари санкцияларида муайян доирада тайинландиган жазо турлари назарда тутилган, жазо тайинлаш қоидалари эса умумий қисмининг 57-63-моддаларида кўрсатилган ва хоказолар. Маълумки, суд жиноят учун жазо тайинлашда айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган модданинг санкциясида кўрсатилган жазо турлари ва муддати доирасидан четга чиқа олмайди, аммо иш ҳолатларига кўра, айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган модда санкцияси доирасида жазо тайинланса, жазо адолатсиз бўлиб қолади. Суд, ЖКнинг 57-моддасида кўзда тутилган енгилрок жазо тайинлаш қоидаларини қўллаб, енгилрок жазо тайинлаши ҳам мумкин.

 

Мақолада интернет манбаларидан фойдаланилди.

 

Сурхондарё вилоят суди ЖИБ судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси: Ж.Маматалиев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?