ЯНГИ ҚОНУН - СУДЬЯЛИК КАСБИНИНГ ЖАМИЯТ ҲАЁТИДА ОБРЎСИНИ КЎТАРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ.
– “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимизда чинакам мустақил суд ҳокимияти вужудга келишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Киритилган ўзгартиришларга эътибор қаратадиган бўлсак, янги меъёрлар суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириб, судьялар мустақиллиги кафолатларини кучайтириб, судьялик касбининг жамият ҳаётидаги обрўсини кўтаришга хизмат қилишини кўришимиз мумкин. Масалан, унда белгиланган судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига сайланиши ёки тайинланишини олайлик. Ушбу тартиб умумэътироф этилган халқаро принцип ва стандартларга тўла мос келади. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Суд органлари мустақиллиги асосий принципларида судьянинг ваколати муддатлари судьялик лавозимида юқори ёшига қадар сақланиб қолишини назарда тутади.
Янгиликлардан яна бири – 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги белгиланганидир. Судда халқ маслаҳатчисининг аҳамияти жуда муҳим. Бежиз, 35 ёшдан кичик бўлмаган фуқаронинг халқ маслаҳатчиси бўлиб сайланиши белгиланаётгани йўқ. Кейинги йиллардаги чуқур суд ислоҳотлари натижасида мамлакатимизда судьялик лавозимига тайинланадиган ёки сайланадиган номзодларнинг ёш цензи оширилди. Янги ислоҳотлар давригача ўттиз ёшдан кичик бўлмаган шахслар судья лавозимига тайинланиши мумкин бўлган бўлса, энди ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси туманлараро, туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги ўргартиш киритилди. Зеро, адолатли ва қонуний қарор қабул қилиш учун судьяларда етарли ҳаётий тажриба ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Шунга мослаштирилган ҳолда 35 ёшдан кичик бўлмаган фуқаролар халқ маслаҳатчиси бўлиши белгиланди.
Шу ўринда судья ёки унинг маслаҳатчисининг ёш цензи бўйича хорижий давлатлар тажрибасини ҳам келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ деб биламан. Айрим ривожланган демократик мамлакатларда судьялар ёшига нисбатан анча юқори талаб белгиланган. Масалан, АҚШ ва Францияда судьялар учун аниқ ёш цензи белгиланмаган бўлсада, бироқ мутахассислик бўйича зарур меҳнат стажининг юқорилиги ва бошқа талаблардан келиб чиқиб, ушбу лавозимга АҚШда 40-45 ёшдан, Францияда 40 ёшдан сўнггина амалда тайинланиш мумкин. Буюк Британияда эса мустақил адвокат лавозимида 10 йилдан 20 йилгача ишлаган шахсларгина судья мақомига эга бўлиши мумкинлигидан келиб чиқиб, ёш цензи ўртача 35-45 ёшни ташкил этади.
Бундан олдинроқ, судьялар учун ёш цензининг оширилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикасининг Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга ҳам тегишли ўзгартириш киритилган эди. Унга мувофиқ, судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига кириш ёши ҳам оширилди. Унга биноан захирага судьялик лавозимлари учун зарур билимга, етарли ҳаётий тажрибага ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган юқори малакали юристлар орасидан ўттиз уч ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киритилиши мумкин. Ушбу ёшнинг белгиланишида, шу жумладан, номзодларнинг шахсий фазилатларини ва касбий фаолиятини ўрганиш ҳамда Судьялар олий мактабида ўқиш муддатлари эътиборга олинган.
Янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ўзига хос жиҳатларидан бири, унга инсонпарварлик тамойилларининг сингдирилганидир. Хусусан, ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмаслиги тўғрисидаги принципиал тартиб белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, бундай ислоҳотларнинг натижасида судларнинг чинакам мустақил ҳокимият тармоғига айланаётганлиги бугунги кун амалиётида яққол кўзга ташланмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси: Фазлиддин ХИДИРОВ,
© Музработ тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024