Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Музработ тумани ҳокимлиги
Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш тартиби

Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш тартиби

 

Солиқ тўлаш мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш мақсадида қонун чиқарувчи томонидан давлат мажбурлов чоралари белгиланган. Солиқ тўловчига юклатилган вазифалар бажарилмаган ёки нотўғри бажарилган тақдирда, солиқ органи уни жавобгарликка тортиши, шунингдек мажбуриятларни бажариш учун махсус механизмлардан фойдаланиши мумкин. Бундай махсус механизмлардан бири – солиқ тўловчининг банклардаги операцияларини тўхтатиб туришдир.

Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчининг банклардаги операцияларини тўхтатиб туриш ва уни бекор қилиш билан боғлиқ қоидалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги Йўриқнома ва бошқа қонун ҳужжатларида ўрин олган.

Солиқ тўловчининг банклардаги операциялари суддан ташқари ёки суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин. Суддан ташқари тўхтатиб қўйиш, қарор солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари)нинг қарорига асосан солиқ органи томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қабул қилиниши мумкин. Шунингдек, Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги Йўриқноманинг 46-бандида асосий ҳисобварақ бўйича операциялар фақат ҳисобварақ эгасининг фармойишига кўра ёки ҳисобварақдаги пул маблағлари терговга қадар терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи қарори бўйича тўхтатилиши мумкинлиги кўрсатилган. Бундан ташқари, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатларида ҳам гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операциялари тўхтатиб қўйилади.

Ўн кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг илтимосномасига асосан суд томонидан қабул қилиниши мумкин.

Солиқ кодексининг 111-моддасига мувофиқ,  юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органи томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

1) ушбу солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органига молиявий ва (ёки) солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилмаганда (ҳисобот тақдим этилса, чеклов бир кундан кечиртирмасдан бекор қилинади). Россия Федерацияси қонунчилиги бўйича декларацияни, яъни ҳисоботни топшириш муддати тугагандан кейин 20 кун ичида тақдим қилинмаганда операциялар тўхтатилади. Қозоғистон Республикаси Солиқ кодексининг 118-моддасида бу муддат 30 кун этиб кўрсатилган;

2) солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда, шунингдек солиқ тўловчи томонидан солиқ органи талаб қилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда (тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар тақдим этилса, чеклов шу куни бекор қилинади). Россия Федерацияси қонунчилигида тушунтиришлар ва тузатишлар учун аниқ 10 кунлик муддат кўрсатилган бўлиб, Ўзбекистон қонунчилиги билан бир хилдир;

3) солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларини кўрсатилган ҳудудга ёки бинога (бундан турар жойлар мустасно) киришига тўсқинлик қилишда. Солиқ органи мансабдор шахсининг киришига тўсқинлик қилиниши унинг ўзи ва текширилаётган шахс томонидан имзоланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай далолатнома асосида солиқ органи банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туради (солиқ органининг текширув ўтказаётган мансабдор шахсларига кириш ҳуқуқи берилса, бир кундан кечиктирмай чеклов бекор қилинади). Россия Федерацияси Солиқ кодексида операцияларни тўхтатиб туриш учун бундай асос кўрсатилмаган. Қозоғистон қонунчилигига кўра, мансабдор шахс беш кун давомида солиқ тўловчининг биносига киритилмаган тақдирдагина операциялар тўхтатилиши мумкин;

4) солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ўзи кўрсатган манзилда йўқлигида (манзилида йўқлиги асослилиги солиқ органи томонидан эътироф этилса, чеклов бир кундан кечиктирмай бекор қилинади). Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ, солиқ тўловчининг йўқлиги муносабати билан юборилган почта хабари ёки бошқа алоқа воситаси қайтиб келган кундан бошлаб беш иш куни ичида операциялар тўхтатилади.

Россия Федерацияси Солиқ кодекси 76-моддаси 3.2. қисмига асосан, солиқ агентининг банк ҳисобварақлари ва унинг электрон маблағлари ўтказмаларида жисмоний шахснинг даромадларидан олинган солиқларнинг ушлаб қолинганлиги ҳақида солиқ агентининг ҳисоботида кўрсатилмаган бўлса, бундай ҳисобот тақдим қилинган кундан бошлаб 20 кун ичида солиқ органи томонидан ҳисобварақлардаги операциялар тўхтатиб қўйилиши мумкин. Камчиликлар бартараф қилингач, бир кун ичида чеклов бекор бўлади.

Қозоғистон Республикаси Солиқ кодексининг 118-моддасида қарздорлик миқдори ойлик ҳисоб кўрсатгичидан 6-баравар ортиқ бўлса ҳам ҳисобварақлардаги операциялар тўхтатилиши кўрсатилган. Банк ҳисобварақлари бўйича харажатлар операцияларининг тўхтатилиши тўғрисидаги буйруқ камчиликлар бартараф этилган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай буйруқ чиқарган солиқ органи томонидан бекор қилинади.

Солиқ кодексининг 111-моддаси бешинчи қисмига асосан, солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисидаги солиқ органининг қарорларини банкка электрон шаклда юбориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Бироқ, ушбу масалани бевосита тартибга солувчи махсус қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинмаган.

Шу сабабли келгусида солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисидаги солиқ органининг қарорларини банкка электрон шаклда юбориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Марказий банк томонидан ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши мақсадга мувофиқ бўлади.

   Эргашев Баҳодир Абдурасулович: Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?